Қўшработда 1 сутка «ўтириб чиққан» ота 2 йиллик алимент қарзини тўлади

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 1 сутка «ўтириб чиққан» ота 2 йиллик алимент қарзини тўлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмат хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Х.Т.дан ундирувчи Н.Ж. фойдасига бир нафар фарзандини моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган. Кейинчалик қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган ва унга кўра қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Х.Т. бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан, алимент тўловини 2018 йилнинг ноябрь ойидан буён тўламай келаётганлиги аниқланган. Унинг алимент қарздорлиги ҳисоб-китоб қилинганда, 7 октябрь ҳолатига кўра, 11 миллион 409 минг сўмга етганлиги аниқланган.

Қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғсирида кодекснинг 47(4)-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўришлик учун Қўшработ туман маъмурий судига юборилди.

Қўшработ туман маъмурий судининг қарори билан қарздорга нисбатан 7 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

Аммо Х.Т. бир сутка қамоқда ўтиргач, тўланмаган қарздорлигини тўлаб беришга қарор қилган ва жазони муддатидан олдин озод этилган.

Бундан аввал Зарафшонда саккиз йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалгани ва Қўрғонтепада машинаси хатланган ота фарзандларига 30 миллион сўм алимент тўлаб бергани ҳақида хабар қилинган эди. Сўнгра Самарқандда 3 йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалгани ҳамда Булоқбошида ота хорижга чиқиш учун 8 минг доллар алимент пулини олдиндан тўлагани маълум қилинди.

Янгиликлар