Пахтачида тандирхонасида марихуана сақлаб келган шахс ушланди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 5 ноябрь, пайшанба куни тандирхонада елим пакетга солинган марихуана ҳамда қуриб битказилмаган яшаш уйида уч литрли шиша банка ичига солиб, кўмиб қўйилган шу турдаги гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 5 ноябрь куни Пахтачи тумани Ички ишлар бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида туманнинг «Мирканд» маҳалласида яшовчи Х.нинг уйи кўздан кечирилган. Текширув давомида ушбу шахс уйидаги тандирхонада елим пакетга солинган марихуана гиёҳвандлик воситаси ва қуриб битказилмаган яшаш уйида уч литрли шиша банка ичига солиб, кўмиб қўйилган шу турдаги гиёҳвандлик моддани сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Иштихонда ертўласида 1,5 кг марихуана сақлаган 58 ёшли эркак қўлга олингани, Учкўприкда уйида салкам 800 грамм марихуана сақлаган эркак ҳамда Балиқчида чўнтагида 2,34 грамм марихуанаси бўлган эркак аниқлангани ҳақида хабар берилганди.