Боёвут туманида 50 та инвестиция лойиҳаси учун салкам 200 млрд сўм маблағ сарфланади

Сирдарё вилояти Боёвут туманида 50 та инвестиция лойиҳасига салкам 200 миллиард сўм маблағ сарфланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳудудда 2020–2021 йилларда рўёбга чиқарилиши режалаштирилган 50 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида 2632 та янги иш ўрни яратиш, 5 та МТМ, 4 та умумтаълим мактаби реконструкция қилиниши, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси таъмирланиши, туман тиббиёт бирлашмаси 5 турдаги замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланиши ҳамда 5 та маданий объект қурилиши режалаштирилган. Дастурни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан жами 195 миллиард сўм маблағ сарф қилиниши назарда тутилган.

Шунингдек, 7 декабрь куни туманда «Ўзбекистоним – шон-шуҳратим, Боёвутим – саодатим!» мавзусида амалий семинар ташкил этилган. Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева мазкур семинар доирасида бир қатор объектларга ташриф буюрган. Хусусан, Сенат Раиси «Боёвут туманини обод марказга айлантирамиз» мажмуасига борган.

Бундан ташқари, парламент юқори палатаси Раиси Танзила Норбоева «Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими» ва «Учтургон» маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг очилишида иштирок этган.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги «2020-2021 йилларда Сирдарё вилояти Боёвут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Боёвут шаҳарчаси ҳудудидаги бўш турган давлат объекти ўрнида «Стелло мода» МЧЖ томонидан  қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган тикувчилик фабрикаси ташкил этиш белгиланган. 5 ой муддатда бино қайта реконструкция қилиниб, 500 та иш ўрни ва йилига 18 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика қуриб битказилган. 350 нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат қилиб келмоқда. Мазкур лойиҳа 2021 йил якунига қадар тўлиқ ишга тушиши назарда тутилган. Лойиҳа ташаббускорининг саъй-ҳаракати билан шу йилнинг ноябрь ойидан бошлаб босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Корхонада ишлаб чиқарилган тикув-трикотаж маҳсулотлари Италия, Россия, Чехия, Беларусь ва Қозоғистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ Қашқадарёда 2021–2022 йилларда 1200 га яқин лойиҳага қарийб 1 млрд доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2021 йилда хизмат кўрсатиш соҳасида 650 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши маълум қилинган.