Инфарктга чалинган «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатуви актёри Раҳмонали Суроповнинг юраги операция қилинди

Инфарктга чалинган «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатуви актёри Раҳмонали Суроповнинг юраги операция қилинди. Бу ҳақда актёрнинг ўғли Сухроб Файзуллаев журналист Наргиза Муродовага маълум қилди.

Кадр: YouTube

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатуви орқали томошабинларга яхши таниш бўлган актёр Раҳмонали Суропов 29 ноябрь куни инфаркт ташхиси билан оғир аҳволда касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди.

«Шукурки, дадам бир неча соатлик жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли ўтди. Юрагига иккита ‘стент’ қўйишди. Насиб қилса, ҳафта сўнггида шифокорлар уйга жавоб беришаркан. Илгари ҳам юраклари оғриб, қон босимининг ошиш ҳолатлари кузатиларди. ‘Мен ҳали ёшман, аҳволим яхшиʼ, деб шифокор кўригидан ўтишга қаршилик қиларди. 28 ноябрь куни кечқурун бирдан аҳволлари ёмонлашди ва юраклари безовта қилди. Шундан сўнг тонг саҳарда касалхонага олиб келдик», — дейди Сухроб Файзуллаев.

Маълумот учун, комик актёр Раҳмонали Суропов 1969 йил Наманган вилоятида туғилган. Институтни тамомлагач, Тошкент давлат циркида масхарабоз сифатида фаолият юритган. 2000 йили халқаро цирк фестивалида «Энг яхши масхарабоз» номинациясида ғолибликни қўлга киритган. 2002 йилдан буён «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатувида ижод қилади.

Аввалроқ интернет ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова вафоти билан боғлиқ ёлғон хабарлар тарқалганди. Кейинчалик Маданият вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан муносабат билдириб, актрисанинг вафот этгани ҳақидаги хабарларни рад этган.