Маълумотларга кўра, Мўйноқ экология инспекцияси бошлиғи Т.Тилеумуратов, инспекторлар Ш.Торежанов, А.Мамбетназаров Орол денгизининг қуриган майдонида ноқонуний овчилар юрганлигидан хабар топган. Шундан сўнг улар автомашинада йўлга чиққан. Йўлда автомобилнинг шинасига шикаст етиб, йўналишдан чиқиб кетган ва автоҳалокатга учраган.
Инспектор Ш.Торежанов оғир жароҳат олиши оқибатида ҳодиса жойида вафот этган. Мазкур ҳудудда мобил алоқа ишламагани сабабли хабар беришнинг иложи бўлмаган. Энг яқин одам яшайдиган жой эса 45 километр узоқликда бўлган.
Бахтсиз ҳодиса тафсилотини баён қилган Т.Тилеумуратовнинг таъкидлашича, у вақтни чўзмай, Орол денгизининг қирғоғида артемия йиғиш билан шуғулланадиганларни ёрдамга чақириш учун пиёда кетган. Яна бир шериги бахтсиз ҳодиса жойида қолган. Т.Тилеумуратов 45 километр узоқликдаги лагерларга етиб борган. Лекин артемиячиларда фақат ботқоқликда юра оладиган транспорт бўлган ва у тунда юролмаган. Инспекция бошлиғи шу жойдан телефон орқали Мўйноққа хабар қилган. Ҳозирда воқеа бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Марғилонда «Matiz» ҳайдовчиси уриб юборган пиёда ҳодиса жойида вафот этгани, Ромитанда «UzAuto Motors» автомашиналарини олиб кетаётган автотранспорт ЙТҲга учрагани хабар қилинган эди.