Наманганда икки эркакни дўппослаган қиз хасталикдан қийналаётган онасидан сўкинишларига чидай олмаганини айтди

Наманган вилоятида 23 ёшли  Г.A. исмли қиз икки эркакни калтаклагани ҳақида хабар берилганди. Наманганлик қиз эркакларни унинг ҳасталикдан қийналаётган онасидан сўкинишларига чидай олмагани сабабли урганини айтди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Фото: Тоирбек Комилжонов

Маълум қилинишича, воқеа 25 июнь куни содир бўлган.

«Андижонга турмушга чиққан опамни кузатгани боргандим. Қўлимда унинг 10 ойлик чақалоғи, сумкалари бор эди. Опам таксичи билан гаплашаётганди. Шу пайт ёнимизга ‘Spark’ машинаси яқинлашди. Унинг ичидаги йигитлардан бири футболка ва шортикда бўлганим учун масхаромуз қилиқ қилди. Қилиғига яраша жавоб бердим. Шунда у сўкиниб ўтиб кетди, буни опам ҳам эшитди. Гаплашилаётган такси машинасида ортидан етиб бордик. Сўкинган йигитнинг олдига бориб, тортишиб турсак, футболкамга ёпишди. Шундан кейин олатасир бошланиб кетди. Улардан бири гўё бизни ажратмоқчи бўлиб, менга қапишиб олди, унга ҳам жавоб қайтардим. Хуллас, уларнинг иккиси икки томонга қараб кетди.

Таксининг олдига қайтиб борсак, машинада қолган йигитлар ҳайдовчини ўртага олиб, дўппослаётган экан. Бизни кўриб, машинага ўтириб, кетиб юборишди. Опам бўлган ҳолатни телефонига олганди. Таксичи ака ‘Буни бўлган ишнинг гувоҳлиги сифатида жиянимга ҳам ўтказиб беринг’, деганди. Шундан сўнг видео тарқалиб кетди», — дейди Гулсанам.

Гулсанам Алижонова 23 ёшда. Оилада 6 нафар фарзанднинг кенжаси. У Наманган давлат университетининг жисмоний маданият йўналиши 3-босқич талабаси. Бокс, каратэ билан шуғулланган. Икки йилдан буён таэквондо WTF бўйича машғулотларга қатнашиб келади.

«Спортчиман, мен ҳозирда шуғулланаётган спорт тури аслида совуққонликка, ўзини ирода қилишга ўргатади. Лекин ойимдан кетиб сўкинишларига чидолмадим. Онам ўзи анчадан бери хасталикдан қийналадилар, шу ботди, шекилли», — деб таъкидлади спортчи қиз.

У — Ўзбекистон биринчилиги совриндори, «Namangan open» турнири ғолиби. 2020 йил баҳор ойида Туркияда бўлиб ўтган халқаро мусобақа иштирокчиси.

Бундан ташқари, Гулсанам Норин тумани ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказиш билан шуғулланган.

Фото: Тоирбек Комилжонов

«Ҳисоблаб кўрсам, пандемия бошланганидан бери тумандаги 500 га яқин хонадонга кириб чиқибман. Бундай эзгу ишлардан, кўпчиликка нафим тегаётганидан, уларнинг дуоларини олаётганимдан қувонаман. Фақат мана бу бўлиб ўтган кўнгилсиз ишлар мени ҳам, уйдагиларни ҳам анча толиқтирди», — дейди Гулсанам.

Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Г.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилгани, сўнг видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритгани хабар қилинган.

Янгиликлар