Пайариқ ҳокими туманнинг «қониқарсиз» ҳудуд деб топилишида ўзи айбдорлигини айтиб, аҳолидан узр сўради

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусинов туман «қониқарсиз» деб топилишида ўзининг айбдорлигини айтиб, аҳолидан узр сўради. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Фото: Пайариқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, Халқ депутатлари Пайариқ туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган.

«Туманда аҳволи оғир сектор менинг секторим ҳисобланади. Туман ‘қониқарсиз’ ҳудудга кириб қолишида, биринчи навбатда, ўзимнинг секторимдаги муаммолар сабаб бўлган деб биламан. Бунинг учун мен узр сўрайман», — деган ҳоким Дилшод Мусинов сессияда.

Маълум қилинишича, туманда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 688 минг сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич билан вилоят бўйича 13 ўринни эгаллаган. Ҳамда жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 1140,1 минг сўмни ташкил этган. Шунингдек, туманда аҳоли жон бошига тўғри келадиган чакана савдо ҳажми 1929,8 минг сўмни ташкил этиб, вилоятда 15-ўринни эгаллаган.

Хабарда айтилишича, туманда меҳнат бозорининг самарадорлик кўрсаткичлари бўйича аҳоли бандлиги 94 минг кишини, бандлик даражаси 90,8 фоизни ташкил этиб, вилоятда 4-ўринда бормоқда. Қайд этилишича, бу борада янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлик даражасини 30 фоизга ошириш белгиланган.

Таъкидланишича, туманнинг Ингичка қишлоғида 1600 гектар лалми майдонда интенсив узумзор барпо этиш орқали 3200 та иш ўрни яратиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Хабарга кўра, туман аҳолиси орасида ташаббускорларни аниқлаб, 50 сотихдан кредит асосида тайёр боғ ажратилиши таъминланади, 3200 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиб, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайишига имкон яратилади.

Туман ҳокимининг мазкур сессияда маълум қилишича, хотин-қизларнинг иш билан бандлик даражаси 85,8 фоизни кўрсатиб, туман вилоятда 6-ўринда бормоқда. Хабарда айтилишича, Пайариқ туманининг экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотлари ҳажми 7,1 миллиард сўмни ташкил этиб, вилоятда 13-ўринни эгаллаган. Туманда фаолият юритаётган «Samarqand cotton cluster» МЧЖ томонидан йил якунига қадар 2,0 миллион доллар саноат маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Фурқат туман Халқ депутатлари кенгашининг ўн учинчи сессиясида ҳоким туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани учун аҳолидан узр сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Шуниндгек, Шофиркон туман Халқ депутатлари туман кенгашининг ҳоким халқдан узр сўраган сессиясида туман масъуллари ухлаб қолгани маълум қилинди.

Янгиликлар