Ўзбекистонда олимларнинг янги маошлари эълон қилинди

Бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг янги маошлари эълон қилинди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 1 февралдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 7 фоизга оширилган эди. Шу сабабли ўша санадан бошлаб қуйидагиларнинг тасдиқланган маошлари индексация қилинди:

  • институт директори;
  • директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, институт ва бошқа илмий муассасалар филиалининг директори;
  • институтнинг илмий котиби, илмий-тадқиқот лабораторияси (бўлими) мудири;
  • филиал ва бошқа илмий муассасалар директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари;
  • бош, етакчи, катта ва кичик илмий ходимлар;
  • стажёр-тадқиқотчи.

Қайд этилишича, маошнинг суммаси илмий даража (Doctor of Science, Ph.D.), унвон ва айрим ҳолларда илмий фаолият тажрибасига эга бўлишига боғлиқ. Бунда:

а) фан номзоди ёки фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ва профессор илмий унвонига эга бўлган бош илмий ходимларнинг маоши фан доктори ёки фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ва катта илмий ходим ёки доцент илмий унвонига эга бўлган бош илмий ходимнинг базавий лавозим маоши даражасида белгиланади;

б) илмий-тадқиқот лабораториялари (бўлими) мудирлари ўринбосарларининг базавий лавозим маоши уларга берилган илмий даражалар ва унвонларга мувофиқ илмий-тадқиқот лабораториялари (бўлими) мудирларининг лавозим маошига нисбатан 5 фоизга камайтирган ҳолда белгиланади;

в) Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида лойиҳалар раҳбарлари лавозимлари ёки шунга ўхшаш лавозимлар назарда тутилган ҳолларда, ушбу лавозимларга илмий-тадқиқот бўлимлари мудирларининг базавий лавозим маошлари белгиланади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2 ноябрда эълон қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ходимларига кўп йиллик меҳнати учун устама тўлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар