Учқўрғонда айрим ҳудудларни интернет билан таъминлаш учун 7 километрлик оптик толали алоқа тармоқлари тортилди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида ташкил этилган сайёр қабуллардаги мурожаатлар асосида айрим ҳудудларни интенет билан таъминлаш учун 7 километрлик оптик толали алоқа тармоқлари тортилди. Бу ҳақда Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Наманган вилояти аҳолиси учун Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилган. Ушбу қабуллар давомида Чортоқ тумани «Оромгоҳ» маҳалласида жойлашган 49-умумтаълим мактабида компьютер етишмаслиги, интернет тармоғи йўқлиги ва атрофдаги йўллар таъмирланиши кераклиги тўғрисида мурожаат келиб тушган.

Фото: Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, xалқ таълими вазири ўринбосарининг ўрганишларидан сўнг тумандаги 49-мактабга 16 дона компьютер жамланмаси, бадиий адабиётлар тўплами, спорт анжомлари етказиб берилган. Шунингдек, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари 7 километр оптик толали алоқа тармоғи тортилиши ва мактабнинг интернет тармоғига улаб берилишини таъминлаган ҳамда Aвтомобил йўллари қўмитаси масъуллари мактаб атрофидаги 1,5 минг квадрат метр йўлакни асфальтлаш ишларини амалга оширган.

Бундан ташқари, вилоятдаги сайёр қабулларда халқ таълими вазири ўринбосарига мурожаатлардан сўнг Поп ва Чуст туманларидаги иккита мактабни реконструкция қилиш масаласи 2021 йил дастурларига киритилган ва 6 нафар мурожаатчи халқ таълими тизимида иш бошлаган.

Фото: Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, ахборот технологиялари ва коммуникасияларини ривожлантириш вазири ўринбосарига мурожаатлар асосида 12 та хонадонга интернет тармоғи тортилган. 2019 йилда ўтказилган сайёр қабулларда Учқўрғон туманининг «Қўрғонтепа», «Пахтачи», «Бирлик» маҳаллалари аҳолисидан 4G тезликдаги интернет тармоғини ўрнатиш борасида мурожаатлар келиб тушган. Ўрганишлардан сўнг ушбу ҳудудда кенг қамровли таянч станцияси ўрнатилган. Сўнгра 7 километр оптик толали алоқа тармоқлари тортилган ҳамда 2 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилоти интернет тармоғига уланган.

Таъкидланишича, ушбу сайёр қабуллар жараёнида ҳудуддаги 10 мингдан зиёд аҳолига кўчма савдо шохобчалари орқали «UzMobile» миллий операторининг мобиль алоқа карталарини етказиб бериш йўлга қўйилган.

Aввалроқ Ўзбекистонда мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухорода мактаблардаги интернет сифатини яхшилаш учун 100 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинганди.