Чинозда давлат рақами белгисини ёпиб ҳаракатланган «Captiva» ҳайдовчисига чора кўрилди

Тошкент вилояти Чиноз туманида транспорт воситаси давлат рақам белгисини кўриш имкониятини чеклайдиган қоплама билан ёпиб ҳаракатланган «Captiva» ҳайдовчисига чора кўрилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, «Cаptiva» русумли 01 215 RFA давлат рақам белгили транспорт воситаси ҳайдовчиси автомобиль давлат рақам белгисини ёпган ҳолда ҳаракатланганлиги акс этган видеолавҳа ва фотосуратлар фуқаро томонидан бошқармага маълум қилинган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида «Кон геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси»га тегишли бўлган «Cаptiva» русумли 01 215 RFA давлат рақам белгили автомобил ҳайдовчиси Чиноз тумани ҳудудида транспорт воситаси давлат рақам белгисини кўриш имкониятини чеклайдиган қоплама ёпиб ҳаракатланганлиги маълум бўлган.

Ҳайдовчи Р.Э.га нисбатан «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 3-иловаси 7.15-банди иккинчи қисмида белгиланган талабларни бузганлиги бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 2-қисми (Тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш) тартибида баённома тузилиб, транспорт воситаси ушбу кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.

Шундан сўнг Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бу ҳақда олдин ёзганини айтиб, ҳолат юзасидан муносабат билдирди:

«Ҳайдовчи бундай ишни кимдандир топшириқ бўлмаса, ўзбошимча қилмаса керак. Кон геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси шундай қилиб тургандан кейин оддий фуқаролардан нима кутиш мумкин. Умуман бу идорага ҳаммага тенг қонун қоидани менсимай юриш учун ким бунча ‘дух’ берган, деган савол қизиқ.

Тошкент вилояти ҳудудидаги дарёлар устидан ўтган бир қатор кўприкларнинг пойдеворига қадар қум шағал олиниб, кўприкларнинг авария ҳолатига етиб келаётганлигининг ўзидан ҳам бу идоранинг ўз ишини қанчалик қонуний ва ҳалол олиб бораётганига етарли саволлар бор».

Aввалроқ ИИВ 2021 йилдан автомобилларга «сирена» ўрнатишга рухсат берилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдиргани ҳамда Ўзбекистонда ҳайдовчилар машина рақамини беркитгани учун жаримага тортилиши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар