Ўзбекистонда ўқотар қуроллар учун порох ишлаб чиқарилиши мумкин

Россиянинг Қозон порох заводи ва Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси вакиллари ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда Татаристон Саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «rostec»

Таъкидланишича, йиғилишда ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битим асосида 2021 йилда Ўзбекистонга пироксилин кукуни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича «КГКПЗ» ФКП ва Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ўртасида стратегик шериклик муҳокама қилинган. Шунингдек, муҳокамада Ўзбекистон ҳудудида пироксилин кукунини ишлаб чиқаришни ташкил этиш айтилган.

«Завод барча турдаги пироксилин кукунларини ишлаб чиқаради ва қурол, кичик калибрли артиллерия, танк ва самолёт қуроллари, дала ва денгиз артиллерияси, жанговар тизимлар, ов ва спорт кукуни, нитроцеллюлозa, лак коллоксилинлари, ёпиштирувчи моддалар, бўёқ ва лаклар учун зарядларни ишлаб чиқаради», дейилади хабарда.

Мазкур завод директори Александр Лившиц Ўзбекистон порох ишлаб чиқариш учун зарур хомашё етказиб берувчи эканлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Қуролли Кучлари штатида мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг неча фоизи янгилангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Миллий гвардия ходимларига хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқи берилгани ҳақида хабар берилган.