Жиззахда янги қурилган кўп қаватли уй қулаб тушди — видео
Жиззах шаҳрида янги қурилган кўп қаватли тураржой биноси қулаб тушгани юзасидан Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бирламчи маълумот берди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, 10 январь саот 17:15 лар атрофида Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири қулаб тушган. Ҳозирда воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ички ишлар ва тиббиёт ходимлари етиб боришиб, ҳолатни ўрганишмоқда.
Жиззах вилоят фавуқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, ушбу 6 қаватли бино фойдаланишга топширилмаган. Хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати яшаш учун тураржой, пастги 2 қавати нотураржой дўкон сифатида қурилаётгани маълум қилинган.
Воқеа натижасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан тўлиқ маълумот берилади.
Аввалроқ Наманган шаҳрида яқинда қурилган 37 метрли кўприк синиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.