Наманганлик педагоглар Қоракўл ва Жондордаги мактаблар фаолияти билан танишди (фото)

Наманганлик 45 нафар педагог, халқ таълими вакилларидан иборат делегация 9 oктябрь куни Бухорога борди. Бу ҳақда Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, Бухорога 9 oктябрь куни Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда вилоят халқ таълими педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбар ва педагоглари борган. Aмалий сафар чоғида улар Қоракўл туманидаги «Халқаро математика мактаби»да, шунингдек, Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган математика мактабида бўлган.

Фото: Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, ташрифдан кўзланган асосий мақсад илм мазкур мактабларда олиб борилаётган фаолият, таълим жараёни билан яқиндан танишиш, эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар ҳамда ўқитиш методологиясини ўрганиб, Қоракўл халқаро математика мактаби тажрибасини вилоятда оммалаштиришдан иборат. Шунингдек, Халқаро мактаб директори Темир Рўзиев ҳамда жамоа аъзолари томонидан мактабнинг ташкил этилиши, таълим-тарбия жараёни, ўқувчиларнинг эришган ютуқлари ҳақида делегация вакилларига батафсил маълумот берилган.

Фото: Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ вакиллари Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган математика мактаби фаолияти билан танишган. Таъкидланишича, бир нафар ўқувчи халқаро олимпиадада бронза медалини қўлга киритгани, 2020/2021 ўқув йилида мактабнинг 60 нафар битирувчисидан 38 нафари олий ўқув юртлари талабаси бўлгани делегасия вакилларида алоҳида қизиқиш уйғотган.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоятига ташриф давомида ушбу таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Шунингдек, икки вилоят ўртасида таълим соҳасида тажриба алмашиш йўлга қўйилиб, 2020 йил декабрь ойида Наманган вилояти педагог ходимлари ўртасида (биология, математика ҳамда информатика) фанлари бўйича саммит ташкил этиш, педагогларнинг тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, республиканинг бошқа ҳудудларидаги бир қатор тажрибали педагог-ходимларни таклиф этиш, 2020/2021 ўқув йили давомида ўқитувчиларнинг тажриба алмашишлари, икки вилоят таълим соҳаси билан яқиндан танишиш мақсадида 10 нафардан ўқитувчи ва ўқувчининг ўзаро Наманган ва Бухоро шаҳарларига ташрифи ҳамда ўқитувчиларнинг малака оширишлари белгилаб олинган.

Фото: Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Хабарда қайд этилишича, 2020/2021 ўқув йили давомида таълим муассасалари билан ўзаро алоқани мустаҳкамлаш, янги педагогик технологиялар билан танишиш мақсадида мунтазам равишда видеоконференциялар ташкил этиб бориш, тажриба алмашув жараёнларини йўлга қўйиш режалаштирилди.

Аввалроқ Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби мутахассислари томонидан сирдарёлик педагогларга «мастер клас» ўтилгани, Пешкуда Қоракўл таълим тизимига ихтисослашган мактаблар тармоғи фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар