Самарқанд шаҳрида йўлнинг қатнов қисмини тўсиб тўй қилганлар жавобгарликка тортилди
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Самарқанд шаҳрида куёвнавкарлар машина йўлни тўсиб, рақсга тушгани акс этган видеога расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда «Яна бир тўй тренди — машина йўлини тўсиб, рақсга тушиш. Карантин пайти 30 кишидан ҳам ортқизиб, тўй қилиш у ёқда турсин, серқатнов машиналар катта йўлни тўсиб қўйиб, йўлнинг ўртасида рақс тушишяпти. Тирбандлик юзага келди» номли видеолавҳа тарқалди. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан зудлик билан тезкор-профилактик текширув ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, Самарқанд шаҳар «Боғи баланд» МФЙда яшовчи, 1980 йилда туғилган Д. 2020 йилнинг 7 октябрь куни яшаш манзилида қизининг никоҳ тўйи маросимини уюштирган. Тўй маросими карантин қоидаларига зид равишда амалга оширилиб, куёвнавкарлар Самарқанд шаҳар Афросиёб кўчаси автомобиль йўлини тўсиб, транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган.
Тўй ўтказувчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Ҳозирда ушбу ҳолатдаги барча ҳуқуқбузарларни аниқлаб, қонуний чора кўриш мақсадида тезкор-профилактик текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланиб, қонунларда белгиланган қатъий чоралар кўрилади», дейилган Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг расмий муносабатида.
Аввалроқ Танзила Норбоева Наманганда Мажбурий ижро вақтида ўзини ёққан аёл иши бўйича муносабат билдиргани, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими бўрттириб ёзилган мақоласи учун огоҳлантирилгани ҳақида хабар қилинганди.