Фуқароларни Қозоғистонда мажбуран ишлатган «ташкилот»нинг 68 ёшли раҳбари иши судга оширилди

Фуқароларни Қозоғистонда мажбуран ишлатган «ташкилот»нинг 68 ёшли раҳбари иши судга оширилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 2011 йилда 59 ёшли Х.Б., Н.Д., Ф.Т. ва бир неча шахслар фуқароларга ўзини «Мустақил Мардикорлар ташкилоти» аъзолари деб таништирган. Шунингдек, Қозоғистонда 650—1000 доллар маош бериш шарти билан қурилиш ишини таклиф қилиб, уларни озиқ-овқат ҳамда турар жой билан таъминлашни ваъда қилган.

Таъкидланишича, алданган фуқароларнинг паспортини олиб қўйиб, Қозоғистоннинг Шимкент шаҳридаги қурилиш объектларида мажбуран ишлатган. Шунингдек, уларнинг хизматига ҳақ тўланмагани ҳамда эксплуатация қилиб келингани аниқланган.

Бундан ташқари, 2013 йилнинг октябрь ойининг ўрталарига қадар уюшган гуруҳнинг бошқа номаълум аъзолари фуқароларни мажбуран ишлатиб, ваъда қилган маошини тўламасдан, уларнинг меҳнатидан фойдаланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими 2014 йилда уюшган гуруҳнинг аъзолари Н.Д. ва Ф.Т.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «г» банди билан тергов ҳаракатлари олиб борган. Суд ҳукмига кўра Н.Д.га 9 йил, Ф.Т.га эса 10 йил 8 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган.

Бироқ Х.Б. ва бошқа шахслар терговдан яширинганлиги учун жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилиб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «г» банди билан сиртдан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш танланган ҳамда қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган қидирув ишлари натижасига кўра Х.Б., Қозоғистонда эканлиги аниқланиб, мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ушланган. Шунингдек, 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниб, ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сонли тергов хибсхонасига жойлаштирилган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилиб, Х.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми банди билан айблов эълон қилинган. Танланган эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган ҳамда жиноят иши материаллари тегишли тартибда суд идорасига юборилган.

Аввалроқ Янгиқўрғонда 60 миллион сўмлик қўлқоп ҳамда ёндиргичларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Бухорода салкам 115 миллион сўмлик товарни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган чет эл фуқароси ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар