Ўзбекистонда Аи-95 маркали бензин нархи арзонлаштирилди

«UNG Petro» корхонаси 10 ноябрь, сешанба кунидан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида импорт қилинадиган Аи-95 маркали бензиннинг бир литр нархи 300 сўмга арзонлаштирди. Бу ҳақда корхонанинг Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, мазкур маркадаги бензиннинг бир литр нархи 6600 сўмдан 6300 сўмга туширилган.

«Бизнинг корхона бозор муносабатларига тўлиқ амал қилиб боради. Маҳсулот таннархи пасайса, уни сотиш нархи ҳам албатта, камайтирилади. Бундан кейин ҳам бу амалиёт давом эттирилади», — деди «UNG Petro» корхонаси директори Мирзоҳид Мусаев.

Аммо «Xabar.uz» нашри 2020 йил 8 ноябрь, якшанба кунидан бошлаб мамлакат бўйлаб Аи-80 маркали бензиннинг нархи оширилгани ҳақида хабар берган.

Қайд этилишича, шу вақтгача Тошкент шаҳридаги айрим АЁҚШларда Аи-80 маркали бензиннинг бир литри 4100 сўмдан 4500 сўмгача сотиб келинган. Ҳозирда ушбу маркадаги бензин турли ёнилғи қуйиш шохобчаларида 4500 сўмдан 4800 сўмгача бўлган нархларда сотилиши бошланган.

Маълумот ўрнида, 2020 йил 1 май кунидан бошлаб Аи-80 маркали бензин ва дизель ёқилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинган. 2020 йилнинг 3 май кунидан Аи-80 маркали бензиннинг нархи 500 сўмга пасайтирилган ва бир литри 4000 сўмдан сотила бошланган. Шунигдек, «UNG Petro» корхонасининг АЁҚШларида 2020 йил 13 апрелдан бошлаб Аи-91 маркали бензиннинг бир литр нархи 5800 сўмдан 5600 сўмгача туширилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда дизель ёқилғиси нархлари туширилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ён ойнасини «тонировка» қилиш нархи арзонлаштирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар