Сурхондарёда кредит олиб бериш учун тадбиркордан 15 минг доллар олган шахслар ушланди

Сурхондарёда корхона қурилиши учун акциядорлик тижорат банкидан 2 миллиард 800 миллион сўм кредит чиқартириб бериш эвазига маҳаллий тадбиркордан 15 минг доллар олган 3 нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида аниқланган.

Маълум қилинишича, зиғир ва кунгабоқардан ёғ ишлаб чиқарувчи корхона қурилиши учун акциядорлик тижорат банкидан 2 миллиард 800 миллион сўм кредит чиқартириб бериш эвазига маҳаллий тадбиркордан 15 минг доллар олган вақтларида 3 нафар шахс ашёвий далиллар билан ушланган.

Хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 600 минг сўм пора олган мансабдор қўлга олингани ва Когонда фуқарони «прописка»га қўйдириш эвазига 200 доллар пора олган жиноий шериклар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.