Моргенштерн «Mercedes»ни ғолибга топшириш учун Ўзбекистонга учиб келди — видео

Россиялик рэпер Aлишер Моргенштерн ва унинг жамоаси 10 декабрь куни Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Бу ҳақда унинг тансоқчиси асли самарқандлик Aзиз исмли йигит Instagram story’сида маълум қилди.

Скрин: Instagram/@smm.rf

Рэпер ўзининг шахсий GiveAway’ида «Mercedes-Benz E200»ни ютиб олган бухоролик Aзим исмли йигитга машинани топшириш учун Ўзбекистонга келган.

Эслатиб ўтамиз, рэпер Алишер Моргенштерн 18 октябрь куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида ютуқли ўйин ўтказганди. Якунда машина ўйналган. Унга кўра, «Mercedes-Benz» ғолиби @aza_1002 никнеймидан фойдалануви бухоролик йигит бўлганди.

Жонли эфирдан сўнг Моргенштерн «Merin»нинг Ўзбекистонга олиб кириш нархини билгач Instagram’да видеомурожаат билан чиққан.

«Ўзбекистонда машинани ‘растаможка’ қилиш қанча туришини биласизларми? Битта машинанинг пули экан», — деганди у. Шу ўринда рэпер ҳукуматдан ёрдам сўраган. Моргенштерн унинг сафари овоза бўлишини ва тарихга киришини ваъда қилганди.

Кейинчалик рэпер машинани Ўзбекистонга олиб киришида 360 миллион сўмдан кўпроқ харажат қилишга тўғри келиши маълум бўлган.

Aввалроқ ўйин ғолиби Aзим исмли йигит машина Тошкентга етиб келганини маълум қилганди. Ғолибнинг сўзларига кўра, 2–3 кундан кейин автомашинани Бухорога етиб келади. Шунингдек, у россиялик репернинг ўзи ҳам Ўзбекистонга учиб келишини айтган.