Ўзбекистонда солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 2021 йил 7 январдаги қарори билан Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Низомга мувофиқ, солиқ органлари камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити каби солиқ текширувларини ўтказади. Қайд этилишича, камерал солиқ текшируви қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • солиққа оид қонун ҳужжатлари бузилиши содир этилганлиги хавфи бўлганида;
  • ақдим қилинган солиқ ҳисоботида тафовут ёки хатолар аниқланганида.

«Мазкур текширув солиқ органи раҳбарининг буйруғи асосида, 60 кундан ошмаган муддатда ўтказилади. Камерал солиқ текшируви натижаси бўйича 2 кунда солиқ тўловчига талабнома юборилади. Солиқ тўловчи 10 кунда камчиликларни бартараф қилиб тасдиқловчи ҳужжатлар билан солиқ органига бериши керак. Сайёр солиқ текшируви 10 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, оммавий ахборот воситаларида солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар эълон қилинса, сайёр солиқ текшируви учун асос бўлиши мумкин. Бундан ташқари, сайёр солиқ текширувини ўтказишнинг яна 5 та асоси мавжуд. Сайёр солиқ текширувида ҳужжатлар ва буюмларни тунги вақтларда (23.00 дан 06.00 га қадар бўлган вақт оралиғида) олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек,  Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчилар:

  • солиқ таваккалчилигининг юқори тоифасига мансуб бўлган;
  • камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ тўловчи аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этмаса;
  • ихтиёрий тугатилаётган юридик шахсларда;
  • солиқ тўловчиларнинг жиноий ишлар бўйича молия-хўжалик фаолияти тафтиш қилиниш доирасида;
  • фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларда ўтказилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда фақатгина кўп қаватли уйларнинг ерости автотураргоҳига машина қўйган фуқаролар солиқ тўлаши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар