Ўзбекистонда фақатгина кўп қаватли уйларнинг ерости автотураргоҳига машина қўйган фуқаролар солиқ тўлайди

Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ сиёсатининг 2021 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда кўп қаватли уйларнинг автотураргоҳида машинасини қолдирадиган фуқаролар мол-мулк солиғи тўлаши белгилаб қўйилди.

Фото: «Auto Daily Digest»

Ушбу норма аниқловчи хусусиятга эга, яъни амалда Тошкент шаҳрида тўхташ жойи учун кадастр ҳужжати тузилади ва кадастр қиймати аниқланади. Кўп қаватли уй билан узвий боғлиқ бўлган автотураргоҳ кўп қаватли уйларнинг ерости қаватларида жойлашган автотураргоҳларни ўз ичига олади, бу эса ўз навбатида кўчмас мулкнинг ягона объекти ҳисобланади. Ушбу амалиёт фақат ерости қаватида тўхташ жойларини қурган алоҳида биноларда амалга оширилади.

Маълумот учун, бир неча аввал ҳамда намунавий лойиҳалари бўйича қурилган кўп қаватли уйларда ерости қаватларида тўхташ жойлари мавжуд эмас.

Янги кўп қаватли уйларда квартира сотиб олаётганда харидор ўша турар-жой мажмуасининг ер ости қаватида жойлашган транспорт воситасини сақлаш учун тўхташ жойини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Маълумот учун, Тошкентдаги битта тўхташ жойининг нархи тахминан 50 миллион сўмни ташкил қилади. Масалан, «Yangi Beltepa» турар-жой мажмуасида 140 та, «Novza» турар-жой мажмуасида 156 та, «Greenwich» турар-жой мажмуасида эса 1200 та жойлар мавжуд. Бундай тўхташ жой эгалари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солиқни маълум кадастр қийматига 0,23 фоиз ставка бўйича тўлайди.

Шундай қилиб, автотураргоҳнинг кадастр қиймати (кадастр ҳужжатларида кўрсатилган) 12 миллион сўм миқдорида белгиланади. Биз ушбу қийматга 0,23 фоиз солиқ ставкасини қўллаймиз, натижада 1 та тўхташ жойи учун жисмоний шахсларнинг йиллик мол-мулк солиғи миқдори 27,6 сўмга тенг бўлади. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда жисмоний шахсларга тегишли автотураргоҳлар учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи олинади.

Бироқ таклиф қилинган қоида қуйидагиларга тааллуқли эмас:

  • ўзининг турар-жой бинолари ҳовлисида автоуловлар учун жой ажратишга қарор қилган шахслар;
  • транспорт воситаларини сақлаш хизматларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар учун (пуллик тўхташ жойлари).

Бундай вазиятда ушбу хизматларни кўрсатувчи шахс солиқ тўловчи ҳисобланади. Транспорт воситаларига эга бўлган ва уларни ўзларининг турар-жой бинолари ҳовлисида қолдирмоқчи бўлган фуқаролар, шу жумладан, енгил конструкциялар (иншоотлар) дан фойдаланган ҳолда тўхташ жойларини ажратиб, ушбу солиқни тўлашдан озод этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 январдан кўп қаватли уйлар автотураргоҳига машина қўйган фуқаролар солиқ тўлаши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йилдан мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгариши хабар қилинган.

Янгиликлар