Ўзбекистонда 1 январдан кўп қаватли уйлар автотураргоҳига машина қўйган фуқаролар солиқ тўлайди

Молия вазирлиги юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2021 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида ахборот берди. Ҳужжатнинг мол-мулк солиғи бўйича келтирилган бандида кўп квартирали уйлар автомашина турар жойлари учун солиқ тўлаш тизими жорий этилаётгани билдирилган, деб хабар бермоқда «Kun.uz».

Фото: «Daryo»

Ахборотда кўп квартирали ўйларига бевосита боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари (бинонинг 0 қаватидаги авто сақлаш жойи) жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектига киритилаётгани, бундай объект солиқ базасига нисбатан 0,23 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида солиққа тортилиши маълум қилинган.

Ушбу норма амалиётда кўп квартирали уйларнинг ерости қаватида жойлашган автомашина турар жойларига кадастр қиймати белгиланган ҳолда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши сабабли аниқлаштирувчи хусусиятга эга.

Мисол учун, автомашина турар жойининг кадастр қиймати 12 миллион сўм миқдорида белгиланган бўлса, ушбу қийматга нисбатан 0,23 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади. Натижада бир автомашина турар жойи учун жисмоний шахслардан олинадиган йиллик мол-мулк солиғи 27 минг 600 сўмни ташкил этади.

Қайд этилишича, ҳозирда жисмоний шахсларга тегишли бўлган гаражлар ер солиғи ва мол-мулк солиғига тортилмоқда.

Мазкур норма қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

  • турар жой ҳовлисида ўзининг авомашинаси учун жойни ободонлаштиришга қарор қилган жисмоний шахсларга;
  • юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини сақлаш хизматидан (пулли авто тураргоҳ) фойдаланувчи жисмоний шахсларга.

Бундай ҳолатда юридик шахс солиқ тўловчи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кўп қаватли уйларга узвий боғлиқ бўлган машина турар жойларига мол-мулк солиғини солиш таклиф этилганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилдан мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгариши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, айрим солиқ тўловчилар учун имтиёзлар белгилангани хабар қилинган.