Ўзбекистонда айрим корхоналар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади

Давлат солиқ қўмитасининг юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарори билан айрим корхоналар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади.

Фото: «Tez News»

Давлат солиқ қўмитасининг ушбу қарори лойиҳаси билан юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, келгусида семент ва маиший электр асбоблари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади.

Шунингдек, маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календар йил якуни бўйича 50 миллиард сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган тўқимачилик кластер корхоналари ҳам йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилмоқда.

Маълум қилинишича, мазкур қўшимчалар Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Aввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилдан мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгариши ҳамда Ўзбекистонда айрим солиқ тўловчилар учун имтиёзлар белгилангани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар