Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни Қирғизистон президенти бўлгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикасининг сайланган президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, 11 январь, душанба куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасининг сайланган президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтган. Суҳбат аввалида давлат раҳбари Садир Жапаровни бўлиб ўтган президент сайловидаги ишончли ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

«Ушбу ғоятда муҳим сиёсий тадбирларнинг якунлари мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилди. Ўз навбатида, Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти ва кўп миллатли халқига замонавий хатарларни енгиб ўтишда ва коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашишда қардош Қирғизистонга кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, телефон мулоқоти чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Суҳбат давомида Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлигини ривожлантириш борасида аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани алоҳида таъкидланган.

«Булар, аввало, Давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги қўшма ишларнинг натижадорлигини ошириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кучайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш, самарали транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ва бошқа жиҳатлар. Ҳукуматлараро комиссиялар ишини фаоллаштириш, шунингдек, ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди. Халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар доирасида аниқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ва ўзаро қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президентини Тоғли Қорабоғда уруш тугагани билан табриклагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент Эмомали Раҳмонни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаган.

Янгиликлар