Тошкентдаги очиқ муз майдонини ташкил этиш учун қанча пул сарфлангани маълум бўлди

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри олдида 7 январь, пайшанба куни биринчи очиқ муз майдони ишга туширилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов мазкур муз майдонини қуришда қанча маблағ сарфлангани ва бу маблағлар давлат бюджетидан олинмаганлигини маълум қилди.

Фото: «Tez News» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Қўмита раисининг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа учун тегишли ускуналар Россиядан ижарага олиб келинган. Барча ташкилий масалалар — мутахассисларни олиб келиш, транспорт харажатлари, турли махсус кимёвий моддалар ва уларни сақлаш, машҳур фигурист Алексей Ягудиннинг гонорари, электр энергия ҳаражатларини қўшиб ҳисоблаганда, жами маблағ тахминан 800-900 миллион сўмга тўғри келган.

Фото: « Tez News»

«Буларни ўзимизнинг тарғибот-ташвиқот ишларимиз доирасида ташкил этяпмиз. Бу борада бизнинг ҳамкорларимиз бор ва улар ҳам ўзларининг маблағларини киритишган. Бунинг учун бюджетдан умуман пул сарфламадик. Фақатгина тегишли инфраструктурани яратиш, техникаларни Россиядан ижарага олиб келиш жараёнида божхонадан қисқа вақт ичида ўтишига ёрдам бердик. Кўриб турибсизки, бу ўзини оқлайдиган яхши бир лойиҳага айланди.

Кейинги йилда тадбиркорлар ва ташаббускорлар мана шундай таклиф билан чиқадиган бўлса, бу йўналишда уларга, албатта, ёрдам берамиз. Энг муҳими, биз бундай тадбирларни бюджет маблағларини сарфламаган ҳолда ташкил этишни кўпроқ ўйлаяпмиз. Пандемия одамларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Бюджет маблағларини биринчи навбатда соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтиришимиз керак. Умуман олганда, ҳаёт давом этади, одамларимизга мана шундай янгиликларни таклиф этишимиз керак, аҳолининг кайфиятини кўтаришимиз лозим. Агар ташаббускорлар пайдо бўлса, биз шундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, шаҳар муз майдони очилишида Россия муз спорти юлдузи, фигурали учиш бўйича Олимпия чемпиони Алексей Ягудин ўзининг «Қиш» дастури билан иштирок этган.

Фото: «Tez News» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Маълумот ўрнида, пойтахт марказидаги мазкур муз майдони бир ой муддатга ўрнатилган бўлиб, бу вақт мобайнида очиқ осмон остидаги муз майдонида қатор маданий-кўнгилочар ва спорт тадбирлари ташкил этилади. Хусусан, «Dance Music Fest Winter», «Iosis Fest», «Tashkent Rap Festival» мусиқий фестиваллари, шунингдек хоккей бўйича ўсмирлар чемпионати, муз устида рақс шоуси каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Аввалроқ 2022 йилда Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам очиқ осмон остидаги муз майдонлари ташкил этилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Янгиликлар