«Насаф» бўлган, бор ва бундан кейин ҳам бўлади» — Сергей Кучеренко
«Насаф» футбол клуби бош директори Сергей Кучеренко жамоада вазият яхшиланаётгани ҳақида маълумот берди.
«Ўтган чиқишимизда жамоамизда бўлаётган ўзгаришлар, қандай вазият ва клуб қандай ҳаёт кечираётгани ҳақида футбол ихлосмандлари, жамоамиз содиқ мухлисларини бохабар қилишга ваъда берган эдим», — деди «Насаф» футбол клуби бош директори .
Таъкидланишича, ҳозирги кунда клубдаги молиявий ҳолат стабиллашмоқда. Бош жамоа ҳам аллақачон янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда, саккиз нафар жамоа аъзолари терма жамоалар йиғинида иштирок этмоқда. Улар 18 февраль куни жамоага келиб қўшилишади. Шундан сўнг жамоа янги мавсумга тайёргарликни пойтахтда давом эттиради. Тошкентда учта назорат учрашувини ўтказиш режалаштирилган. Тошкентдаги ўқув машғулот йиғини якунлангандан сўнг, Ўзбекистон Суперкубоги учун бўлиб ўтадиган баҳсдан олдин 1 март куни Қаршида ҳам назорат учрашуви ташкил қилинади.
«Жамоамизнинг содиқ мухлисларига шуни айтмоқчиманки «Насаф» бўлган, бор ва бундан кейин ҳам бўлади», — деди Сергей Кучеренко.