Фарғонада хонадонида 6 туп каннабис гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётган фуқаро аниқланди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 4 август, сешанба куни хонадонида каннабис гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шодлик кўчасида яшовчи Т.Ф. ўз яшаш хонадони томорқасида 6 туп каннабис гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Aввалроқ, Фарғонада қиймати 26 миллион сўмлик гашиш сотган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди. Кейинчалик, Фарғона туманида 7 туп каннабис ўсимлигини парваришлаган фуқарога жиноят иши очилгани маълум қилинган эди.

Шунингдек Фарғонада фуқаро уйида марихуана сақлаётганини тан олганди.