Норин тумани аҳолиси учун вақтинчалик кўприк қуриш бошланди (фото)

Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари билан ўзаро ҳамкорликда Уйчи ҳамда Норин туманлари орасидаги дарё ўзани узра вақтинчалик кўприк қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ФВВ ахборот хизмати матбуот хизмати

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Фарғона ҳалқа йўлининг 93-километрида жойлашган «Нориндарё» кўпригида бундан 2—3 ой аввал дарз кетиш аломатлари аниқланганлиги сабабли унда ҳаракатланиш тўхтатилган эди. Мазкур кўприк 1962 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, қарийб 60 йилга яқин вақт давомида халққа хизмат қилиб келган. Бугунги кунда минглаб фуқаролар иш, ўқиш, бозорга бориш ҳамда бошқа эҳтиёжлар учун дарёни қайиқ орқали кесиб ўтиб ўтмоқда.

Фото: ФВВ ахборот хизмати матбуот хизмати

Бу эса Норин тумани аҳолисининг вилоят маркази ва бошқа туманлар билан ўзаро алоқалари йўлида жиддий муаммоларни юзага келтирган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, аҳоли учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, Қуролли Кучлар Шарқий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Норин туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, шунингдек, Норин туман ҳокимлиги, кўнгиллилар томонидан ўзаро ҳамкорликда махсус техникалардан фойдаланган ҳолда 20 метр масофада дамба ташкил этилди.

Фото: ФВВ ахборот хизмати матбуот хизмати

Шунингдек, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари муҳандислик қўшинлари хизматининг бир гуруҳ мутахассислари махсус техникалар ёрдамида узунлиги 40 метр, эни 308 метрдан иборат вақтинчалик кўприкни барпо этмоқда.

Аввалроқ Норин дарёси устида қурилаётган кўприк қачон битказилиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар