Ўзбекистон Покистон Миллий банкининг ваколатхонасига берган аккредитация сертификатини бекор қилди
Ўзбекистон Марказий банки Банк назорати қўмитасининг 2020 йил 30 июлдаги қарорига мувофиқ, Покистон Миллий банкининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонасига берилган аккредитация сертификати бекор қилинди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот котиби хабар берди.
Мазкур қарор Покистон Миллий банкининг Халқаро операциялар бизнес стратегияси қабул қилинганлиги муносабати билан Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондаги банк операцияларини ва Тошкент шаҳридаги ваколатхонасини ёпиш тўғрисидаги мурожаатига биноан қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Покистон Миллий банкининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги банк ҳамда инвестициялар соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. У ўз фаолиятини 1995 йил 29 ноябрдан буён Ўзбекистон Марказий банки томонидан берилган аккредитация сертификатига асосан юритиб келаётган эди.
Аввалроқ Ўзбекистонда доллар курси кўтарилиб, 1 AҚШ доллари қиймати 10 209,86 сўмни ташкил қилгани хабар қилинган эди. Кейинроқ Марказий банк Ўзбекистонда доллар курси яна кўтарилганини маълум қилди.