ДХХ ер ажратиб бериш учун 6,5 минг доллар олган Поп тумани ҳокимининг собиқ ўринбосарини ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудларда ер сотиш ва қурилиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи 37 ёшли шахс паркентлик 53 ёшли таниши билан ўзаро тил бириктириб, Паркент тумани ҳудудида жойлашган 3 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб, уни турар жой учун мўлжалланган ер майдонига ўзгартириб бериш эвазига 280 минг доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахслар сўралган пулдан 50 минг долларни олдиндан олган вақтларида ушланган.

ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи (1978 йилда туғилган) муқаддам бир неча бор судланган шахс алдов йўли билан фуқародан 13 минг доллар олган вақтида ушланган.

Аниқланишича, у Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирига тегишли бўлган 20 сотих ер майдонини гўёки аукцион савдоларида сотиб олганини таъкидлаб, мазкур ер майдонини ушбу фуқарога 48 минг доллар эвазига сотишга уринган ва ундан муқаддам 11 минг доллар ҳам олган.

Шунингдек, мазкур йўналишда ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирда олдиндан жиноий тил бириктирган уч фуқаро қўлга олинган.

Дастлаб, улар Наманган вилояти Поп туманидаги 20 гектар ер майдонида «Янги Ўзбекистон» массивини барпо этиш доирасида режалаштирилган 105 та кўп қаватли уйлардан 8 тасини қуриш рухсатини олиб бериш эвазига 80 минг доллар талаб қилган ва ушбу пул маблағидан 40 минг долларини олдиндан беришни сўраган. Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланиб, ҳозирда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 38 ёшли шахс 2,3 минг долларни ўзининг хизмат ҳақи ва харажатлари учун олган вақтида ушланган.

Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида у олдиндан сўралган 40 минг долларни муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ содир этган ҳаракатлари учун ҳозирда ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи 42 ёшли танишига бериши кераклиги маълум бўлган ва тезкор тадбир давом эттирилиб, 37,7 минг долларини олган вақтида ушбу шахс ҳам қўлга олинган.

Ўз навбатида у ҳам ўзаро келишувга мувофиқ, умумий 80 минг доллардан 48 минг долларини Поп тумани ҳокимининг собиқ ўринбосарига бериши кераклигини билдирган ва Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда собиқ мансабдор шахс 6,5 минг долларни олдиндан олган вақтида ушланган.

Ҳозирда уччала ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар