Дунё бўйлаб COVID-19’га чалинганлар сони 37 миллиондан ошди
Дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони икки кун ичида 1 миллионга ошди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Маълум қилинишича, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон ва Бразилияда коронавирусга чалинганлар дунё бўйича касаллик қайд этилган ҳолатларининг ярмидан кўпини ташкил қилади.
«Jons Hopkins» университети маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери дунё миқёсида 37 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан касалланган. Икки кун ичида касалликка чалинганлар сони 1 миллионга кўпайган.
Таъкидланишча, 8 октябрь, пайшанба куни касаллаганлар сони 36 миллион нафардан ошган. Касалланиш ҳолатлари бўйича ҳамон дастлабки 3 ўринни АҚШ (7,68 миллион), Ҳиндистон (6,9 миллион) ва Бразилия (5 миллион) қайд этган.
Россия (1,28 миллион) мазкур кўрсаткич бўйича тўртинчи ўринни эгаллган. Ўтган кун давомида унда 12,8 мингта COVID-19 касаллигига чалинганлар аниқланган, бу сўнгги икки кун ичида иккинчи рекорд. Мазкур кўрсаткич май ойида қайд этилган кўрсаткичдан юқоридир.
Коронавирус юқтирганлар сони бўйича биринчи ўнталикка қуйидаги мамлакатлар киритилган:
- Колумбия (894 минг);
- Аргентина (871 минг);
- Испания (861 минг);
- Перу (843 минг);
- Мексика (810 минг);
- Франция (732 минг).
Дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 1 миллион 69 минг кишига етган. АҚШ (214 минг) касалликдан вафот этганлар рўйхатида ҳам биринчи ўринда. Бразилия (149,6 минг) ва Ҳиндистон (107,4 минг) эса кейинги ўринларда қайд этилган.
Россия коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича дунёда 13-ўринни эгаллаган. Мамлакатда 29 сентябрдан бери ҳар куни 100 дан ортиқ ўлим қайд этилган. Сўнгги 24 соат ичида мамлакатда COVID-19 билан касалланган 197 киши вафот этган, қурбонларнинг умумий сони 24,4 минг кишига етган.
«РБК» маълумотларига кўра, ҳар 24 соатда дунё бўйича 329,8 минг нафардан ортиқ инсон коронавирус инфекциясига чалинмоқда. «Worldometers» ёзишича, дунё бўйлаб COVID-19 юқтириб олганлар сони 37,5 миллионга яқинлашган.
Бундан аввал «Worldometers» маълумотларига асосланиб, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 37,2 миллиондан ошгани ҳақида хабар қилинган эди.