Самарқанд туманида ўтказилган сайёр қабулда 20 га яқин мурожаат ўрганилди (фото)
Самарқанд вилояти Самарқанд тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Искандар Комилов сайёр қабул давомида 20 га яқин мурожаатни ўрганиб чиқди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, «Кўсаҳо» маҳалласида яшовчи Аминжон Тўрақулов қолипли нон ишлаб чиқариш учун давлат ресурслари ҳисобидан ун ажратишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг мурожаати тегишли тартибда ўрганилиб, 10 кун муддатда ижобий ҳал этиладиган бўлган.
Шунингдек «Ўрташиқ», «Гулбоғ», «Сулфакабутак», «Хўжа Ахрор Вали» ҳамда «Мирзо Улуғбек» маҳаллалари фуқаролари томонидан уй-жой учун эгалик қарори чиқариш, табиий газ билан таъминлаш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушган.
Аввалроқ Бешариқда прокурор ўтказган сайёр қабулда 3 кишининг мурожаати ҳал этилгани, Бухорода вазирликлар ва маҳаллий ҳокимларнинг оммавий сайёр қабулида 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилгани хабар қилинган эди.