Қашқадарёда уйсиз қолган фуқаро фойдасига корхонадан 462 млн сўм ундириб берилди

Қашқадарё вилояти Нишон туманида уйсиз қолган фуқаро фойдасига корхонадан 462 миллион сўм маблағ ундириб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмасига Қашқадарё вилояти Нишон туманида яшовчи фуқаро К.Э.дан ёзма мурожаат келиб тушган.

Мурожаатда таъкидланишича, Қашқадарё вилояти Нишон туманида яшовчи фуқаро К.Э. 2017 йил 12 июнда «Шовот махсус бино қурилиш» масъулияти чекланган жамиятига жами 3 та хонадон сотиб олиш учун мурожаат қилган. Фуқаро ва корхона ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган. Фуқаро шартноманинг 2.2 бандига асосан белгиланган 420 миллион сўмнинг 25 фоизини 10 иш кунида банкка тўлаган ва қолган қисмини 2018/2019 йиллар мобайнида турли банк кассалари орқали тўлаган.

Кейинчалик Қарши шаҳар ҳокимининг 2019 йил 2 февралдаги қарорига кўра, ушбу кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Лекин банк томонидан кредит кафолати асосида фуқаронинг уйи ҳам гаровга олинган ва фуқаро уйсиз қолган.

Хабарга кўра, Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмаси мурожаат бўйича судга ариза киритган ва суд қарорига асосан фуқарога «Шовот махсус бино қурилиш» МЧЖ томонидан 420 миллион сўм маблағ ва жарима сифатида яна 42 миллион сўм истеъмолчи фойдасига ундириб берилган.

Аввалроқ Самарқандда корхонадан банк фойдасига 1,6 миллиард сўмдан зиёд солиқ қарздорлиги ва Фарғонада корхонанинг 50 минг долларлик қарзи кредит олинишида кафил бўлган тадбиркордан ундирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Фарғонада йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган шахснинг вакилига салкам 87 миллион сўм ҳамда Тошкентда тадбиркор фойдасига корхонадан 295 миллион сўм қарздорлик ундириб берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар