Сурхондарёда поликнилика биносини таъмирлашда салкам 272 млн сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди

Сурхондарё вилояти Бандихон туманида поликнилика биносини таъмирлашда 271,6 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бандихон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган. «Ж.Д.» хусусий корхонаси раҳбари Р.Ч. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, тумандаги поликлиника биносини жорий таъмирлашда амалда бажарилмаган қурилиш ишларини бажарилганлиги ҳақида ҳужжатларни расмийлаштириб, 271,6 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.Ч. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Aввалроқ Бош прокуратура салкам 8 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганини аниқлагани ҳамда Жомбойдаги маҳалланинг собиқ раиси эҳтиёжманд оилаларга ажратилган пулларни талон-тoрож қилгани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули талон-торож қилингани хабар қилинган эди.