Бухорода қорнидаги боласини 50 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Бухоро вилоятида қорнидаги туғилмаган боласини 50 миллион сўмга сотмоқчи бўлган 22 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Хабарга кўра, декабрь ойларида 22 ёшли М.Р. Бухоро шаҳрида жойлашган кафелардан бирида официант бўлиб ишлаб юрган вақтида ушбу кафега мижоз сифатида келган фуқаро Ф.Э. билан танишиб қолиб, суҳбат давомида унга, ҳомиладор эканлигини, тўрт ойлик ҳомиласи борлиги ва моддий жиҳатдан қийналаётганлигини айтган.

Шунингдек, келгусида ушбу туғилажак фарзандини моддий томондан таъминлай олмаслиги, фарзандини дунёга келтиргандан сўнг сотиш нияти борлигини маълум қилган. Шундан сўнг у Ф.Э.га 4 ойлик ҳомиласини соғлом ҳолада туғиб, 50 миллион сўм эвазига сотишни таклиф қилиб, аванс сифатида ундан 25 миллион сўм сўраган. 6 январь куни соат 19:00 да Бухоро шаҳар А.Жоме кўчасида М.Р. фуқаро Ф.Э. дан 20 миллион сўм ва 500 доллар миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Р. га нисбатан Жиноят кодексининг 25,135-моддаси 1-қисми (одам савдосига суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, М.Р. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани маълум қилинган эди.

Янгиликлар