Бухорода 16 та маданий мерос объектини қайта тиклашга қанча маблағ ажратилгани маълум қилинди

Бухоро вилоятидаги фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган 16 та маданий мерос объектини қайта тиклашга маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар томонидан 65,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудовга таяниб, «Daryo» хабар берди.

Фото: Шерзод Маҳмудов

Aввалроқ Бухоро вилоятидаги энг оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектида қайта тиклаш ишлари бошлангани хабар қилинганди. Шаҳардаги «Намозгоҳ», «Равғангарон», «Хўжа Калон», «Қуйи Хонақо», «Кунжак», «Лаби Ҳовуз Қози Калон» масжидлари ҳамда «Тошсарой», «Кўкалдош» ва «Чуқур» мадрасалари, шунингдек, Когон тумани «Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуасининг Токи-Миёна дарвозахонаси қолдиқлари, Шофиркон туманидаги «Хўжа Ориф ар-Ревгарий» (Моҳитобон) мажмуаларида реставрация-таъмирлаш ишлари учун маблағлар ажратилган.

«Узоқ йиллар давомидаги кучли шамол ва ёғингарчиликлар, қайта тиклаш ва таъмирлашда маблағларнинг етишмовчилиги, туризм тизимидаги оқсоқликлар мазкур объектларнинг ачинарли аҳволга келиб қолишига сабаб бўлган. Aйни пайтда уларни тўлиқ миллий услубда қайта тиклаш ва фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан 65,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Унда ҳунармандчилик марказлари, миллий чойхоналар, табобат марказлари, сайёҳлар учун карвонсаройлар хизмати йўлга қўйилади», — дейди Шерзод Маҳмудов.

Фото: Шерзод Маҳмудов

Таъкидланишича, 2020 йилда Бухородаги сайёҳлар ташриф буюрадиган объектлар сонини 139 тага етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Марказлашган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати давлат муассасаси ҳамда Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти томонидан мазкур объектлар ҳудудида янги туристик мавсумгача қадар қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги 16 та маданий мерос объекти, жумладан, «Карвонбоши» саройи, «Туркман» мадрасаси, «Ҳотам Ҳинду» мадрасаси, «Мир Иброҳим» ва «Рашид» карвонсаройларида маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда сайёҳлик марказлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Фото: Шерзод Маҳмудов

Маълум қилинишича, ҳозирда «Туркман» карвонсаройида «Нейромед сервис Бухоро» МЧЖ томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Mазкур маданий объектда табобат маркази фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, «Aзия роял тур» хусусий корхонаси «Мир Иброҳим» мадрасасида шифобахш гиёҳ ва ўсимликлар билан таъминланган «Aвицена» чойхонасини тиклашга киришган. «Домла Турсунжон» мадрасаси эса «Олтин ҳунарманд» МЧЖ томонидан таъмирланиб, унда ҳунармандчилик маркази фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Aввалроқ Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаменти Минораи калоннинг асл номи ва қурилиш тарихи ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, минора дастлаб саҳрода йўлини йўқотган одамларга маёқ сифатида қурилган.

Янгиликлар