Самарқандда қурилаётган эни 42 метрли йўлга ҳозиргача қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди

Самарқандда эни 42 метрли йўл қуриб битказилмоқда. Шоҳизинда кўчасидан бошланиб, М-37 магистрал йўлидаги кўприкка туташувчи мазкур йўл — Уста Умар Жўрақулов кўчасининг қурилиши 2019 йил октябрь ойда бошланган. 2020 йил охирига қадар қурилиш тугалланиши кўзда тутилган.

Фото: «Kun.uz»

Мазкур йўлнинг ўртадаги қисмида 4 тасмали асосий йўл жойлашган бўлиб, ундан ташқари, ҳар икки четдан маҳаллий йўналишлар учун ҳам алоҳида йўл қурилмоқда. Бу Самарқандда илк бор қўлланилаётган амалиёт саналади.

Фото: «Kun.uz»

Қурилиш лойиҳаси бош муҳандиси Фарҳод Бобоевнинг маълум қилишича, йўл четларидаги қуйма лотоклар ҳам вилоятда илк марта ўрнатилмоқда. Мазкур лотокларнинг усти ҳам ёпиқ бўлади. Тунги ёритиш тизими учун Самарқанднинг тарихийлигига монанд равишда нақшсимон безакли устунлар ўрнатилган.

Фото: «Kun.uz»

Шунингдек, ҳар икки томондан пиёдалар йўлаги ва йўллар оралиқларида махсуc гулзор ва дарахтлар учун оралиқ жой тайёрланган.

Фото: «Kun.uz»

Қурилишни олиб бораётган ташкилот — «Оқдарё туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси раҳбари Равшан Нурмаматов 4 километр 356 метрлик ушбу йўлнинг қандай тикланиши ҳақда сўзлаб берди. Унга кўра, йўл қуйидагича тартибда қуриб борилмоқда:

  • Йўлнинг асос қисми, 52 сантиметр баландликдаги қум-шағал аралашмаси.
  • 3 сантиметрдан иборат чақиқ тошдан иборат текисловчи қатлам.
  • Асоснинг юқори қатлами. Бунда 8 сантиметрли катта заррали асфальт-бетон қоришмаси қуйилади.
  • Қопламанинг остки қатлами. Бу 7 сантиметрли катта заррали асфальт-бетон қоришмасидан иборат.
  • Қопламанинг устки қатлами. Мазкур қатлам 5 сантиметрли майда заррали асфальт-бетондан иборат.

«Мазкур қурилиш Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд шаҳрида 2019—2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида»ги 2019 йил 19 майдаги қарори ҳамда 2019 йил 20 сентябрдаги йиғилиш баёни асосида амалга оширилмоқда.

Янги йўл қурилиши буюртмачиси Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳисобланади. Қурилишнинг дастлабки баҳоси 57 миллиард 692 миллион сўм бўлиб, ҳозиргача 25 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Объект қурилишига 70 нафардан зиёд қурувчи ва 30 дан ортиқ техникалар жалб этилган.

Мазкур йўл қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилгач, вилоятдаги энг кўркам ва чиройли йўллардан бири бўлиши кутилмоқда. Ўзига хос пиёдалар йўлаги, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам шунга монанд равишда барпо этиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда лойиҳа қиймати 67,7 миллиард сўм бўлган, узунлиги 534 метрга тенг туннель қурилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар