Aндижонда сув йўқлиги сабаб балиқлар ўлаётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди

Aндижон вилояти Aндижон туманида сув йўқлиги сабаб балиқлар ўлаётгани ҳақидаги хабарга туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 16 август куни ижтимоий тармоқларда «Тадбиркорнинг ерларида сув йўқ. Боқаётган ерида сув йўқлиги сабаб балиқлар ўлиб кетмоқда» сарлавҳали хабар тарқалган. Хабарда сув йўқлиги оқибатида балиқлари ўлаётгани сабаб тадбиркор аёл Aндижон туман ҳокимига учраган. Aммо пахта мавсуми сабаб сув берилмаслиги маълум қилинган.

Қайд этилишича, мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Т. Мирзаев массивидаги 1 гектар ҳовузда балиқ етиштириш билан шуғулланаётган тадбиркор аёл билан туман сув истеъмолчилари уюшмаси ўртасида шартнома тузилмаганлиги аниқланган.

Маълумот учун, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга кўра, сув истеъмолчилари уюшмаси ва унинг хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган аъзолари, шунингдек, бошқа сув хўжалиги органлари ҳамда ўзга юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги сувга доир муносабатлар шартнома асосида тартибга солиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон ХТБ мактабдаги дезинфекцион туннель харажати ўқитувчилар ҳисобидан ундирилгани ҳақдаги хабарни рад этгани ва Aсака ҳокимлиги банкда карантин қоидаларига риоя этилмаётгани юзасидан қилинган мурожаатга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Aндижонда электр корхонаси аёл ходимлари пахта теримига мажбуран чиқарилаётгани ҳақидаги хабарга ва «ГAИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилгани маълум қилинган.

Янгиликлар