Андижонда электр корхонаси аёл ходимлари пахта теримига мажбуран чиқарилаётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди
Андижон вилоятида электр корхонаси аёл ходимлари пахта теримига мажбуран чиқарилаётгани ҳақидаги хабарга корхона матбуот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалар федерациясининг мехнат хуқуқ инспектори томонидан йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда «Андижон ҲЭТК» АЖ бўлимларида ишловчи 57 нафар аёл ходими иштирокида корхона раҳбарияти томонидан уларни пахта теримига мажбурлаётганлик холатларини аниқлаш юзасидан «аноним сўров» ўтказди.
«Йиғилиш давомида жамиятимиз аёл ходимлари бундай мурожаатдан хабарлари йўқлигини ва бу хақда ҳеч қандай гап бўлмаганлигини айтиб ўтдилар. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Aндижонда 15 сентябрдан пахта терими бошланиши маълум қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг қайси туманларида қўлда терилган пахта учун устама ҳақ берилиши ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Қоровулбозорда 10 сентябрдан пахта терими бошлангани маълум қилинди.