Ўзбекистоннинг айрим туманларида қўлда терилган пахта учун устама ҳақ берилади
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 8 сентябрь куни «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2020 йилда етиштирилган пахта хом ашёси йиғим-теримини ташкил этишда:
- машинада терилган 1 тонна пахта учун – 920 000 сўм хизмат ҳақи тўлаш;
- қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан кам бўлмаган меҳнат ҳақи тўлаш;
- пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ушбу нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари;
- пахта хомашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақини ҳар 5 кунда, зарурат бўлганда ҳар куни тўлаш тавсия этилди.
Қарорга мувофиқ, ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари билан мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади ҳамда терим отрядлари раҳбарларига пахта хом ашёси йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига пахта хом ашёсини териб олиши учун йиллик 16 фоиз ставкада кредит ажратиш мақсадида уч ой муддатда қайтариш шарти билан «Aгробанк» AТБ депозитига 1,3 триллион сўмгача маблағлар жойлаштирилади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар ҳамда фермер хўжаликлари томонидан хориждан олиб келинадиган пахта териш техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловларидан озод қилинади ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
Ҳукумат қарорига кўра, қуйидаги туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбаалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади:
- Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
- Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари;
- Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари;
- Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман ҳокимликлари таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хом ашёси йиғим-теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хайрулло Бозоров Уйчи туманидаги янги ғўза навлари синови билан танишгани ҳамда Ўзбекистонда пахта мавсумида теримчиларга қанча ҳақ тўланишигани ҳақида хабар қилинганди.