Ўзбекистонда пахта мавсумида теримчиларга қанча ҳақ тўланиши маълум қилинди

Пахта мавсумида бир килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1 400 сўм ҳақ тўланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълум қилди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, пахта мавсумида яхши терадиган теримчилар кунига 100—120 минг сўм атрофида даромад олишлари мумкин.

«Пахта терувчилар икки хил бўлади. Биринчиси ўз манзилида пахта терадиганлар, иккинчиси эса бошқа ҳудудлардан келиб теримга ёрдамлашадиганлар. Барча теримчилар учун меҳнат шароитлари ташкиллаштирилади.

Теримга, авваламбор, ишсизлар: ёшлар, хотин-қизлар, хоҳиш билдирса, кексаларни ҳам жалб қиламиз», — дейди Баҳодир Умрзоқов.

Аввалроқ Самарқандда 3200 гектар ер майдонидаги пахта ҳосили машинада терилиши, Ғиждувонда пахта теришга 26 мингдан ортиқ теримчи жалб қилиниши, Олотда 2020 йилда 27,5 минг тонна пахта ҳосилини олиш режалаштирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар