Самарқандда 3200 гектар ер майдонидаги пахта ҳосили машинада терилади

Самарқанд вилоятида 3200 гектар ер майдонидаги пахта ҳосили машинада терилади. Бу ҳақда «Zar news» хабар берди.

Қайд этилишича, вилоятда 2020 йилда 75 580 гектар дала майдонида ғўза етиштирилган.

«215,5 минг тонна ҳосил етиштириш учун фермер хўжаликлари 63 495 гектар ва пахта кластер корхоналари 12 085 гектар майдонда чигит экканди. Бу йилги ҳосилни териб олиш учун 2250 та терим отрядига 140 мингга яқин теримчи бириктирилади ва уларнинг 10 мингга яқини ётоқ жойи билан таъминланади. Эътиборли жиҳати, бу йилги ҳосилдан 3200 гектар майдондаги қарийб 10,5 минг тонна хом ашёни терим машиналарида йиғиштириб олиш режалаштирилган. Бунинг учун вилоятимиздаги 10 та пахта кластер корхоналари томонидан 34 та замонавий терим машиналари жалб этиш режалаштирилган бўлса, ҳозиргача 26 та ана шундай техника келтирилди»,— дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бош мутахассиси Руслан Муродов.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 10 гектар майдондаги пахта хом ашёсини териб олиш учун ўртача 164 нафар теримчи ва уч иш куни талаб этилади. Бундан ташқари, қўл теримида қатнашадиган ишчиларни транспортда ташиш, фартук билан таъминлаш кунлик озиқ-овқат ва бошқа харажатлар учун 10 гектар майдонга ўртача 7,2 миллион сўм сарфланади. Бир дона пахта терим машинасида эса кунига 9-10 гектар майдондаги (25—30 тонна) ҳосилни териб олиш мумкин. Бунинг учун бор-йўғи 820 минг сўм харажат кетади.

«Ўтган йили мавсум ўрталарида келтирилган терим машиналарида 1,5 минг тоннага яқин пахта хом ашёсини териб олгандик. Машина терими иқтисодий жиҳатдан жуда катта самара келтирди. Мисол учун, 300 нафар теримчи бир кунда 30 тонна ҳосилни йиғиштирса, битта терим машинаси кунига шунча пахта теради. Шу боис бу йилги мавсумга 4 ва 2 қаторли 8 та терим машинаси олиб келдик. 2500 гектар майдонда ғўза парваришлаган бўлсак шунинг минг гектарини машинада  териб олмоқчимиз. 12 сенябргача янги препаратлар ёрдамида сифатли дефоляция ишларини ўтказиб, 7800 тонналик шартнома режасини адо этишга киришамиз», — дейди Иштихон туманидаги масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Аҳатилло Каримов.

Маълумот учун, Олотда 2020 йилда 27,5 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган.

Аввалроқ Қоровулбозорда 2020 йилда 13 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили олиш режалаштирилгани, Булоқбошида бошоқли дон экиш ишларини олиб бориш юзасидан семинар ташкил этилгани хабар қилинган эди.