Бухорода сентябрь ойининг биринчи 10 кунлигида бюджетга қанча тушум туширилгани маълум бўлди

Бухоро вилоятида 2020 йил сентябрь ойининг биринчи 10 кунлигида бюджетга 68,9 миллиард тушум туширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров 11 сентябрь куни вилоятда бюджет тушумлари ва экспорт ижроси масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Йиғилишда дастлаб Бухоро вилояти бюджет даромадларининг 2020 йил III чораги, шу жумладан, сентябрь ойи учун белгиланган прогноз режа ижроси тўғрисидаги масала кенг муҳокама қилинди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, сентябрь ойининг ўтган 10 кунида бюджетга 68,9 миллиард сўм тушум туширилиб, белгиланган 172,5 миллиард сўм прогноз режа 27 фоизга бажарилган.

Бухоро вилоятида 2020 йил январь–август ойлари учун товарлар ва хизматлар экспорти прогноз кўрсаткичларининг ижроси ҳамда 2020 йил III чорак якунлари бўйича экспорт прогноз кўрсаткичларини бажариш, маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Маълум бўлишича, Бухоро вилоятида 2020 йил январь–август ойлари учун жами 121 миллион 844 минг доллар, жумладан, 59 миллион 288 минг долларга саноат маҳсулотлари ҳамда 62 миллион 556 минг долларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиш режа белгиланган.

Ўтган давр мобайнида жами 103,9 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, белгиланган прогноз —85,3 фоизга ёки 17,8 миллион долларга камайтирилган ҳолда бажарилмай қолди.

«Вазият вилоятдаги ҳар бир экспортёр корхона фаолияти мисолида таҳлил қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда белгиланган экспорт прогнозлари ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг қолган даври ва 2021 йилда ишга тушириладиган ҳудудлардаги янги ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб қувватлаш орқали экспортёр корхоналар сонини 2 бараварга кўпайтириш, экспорт фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўладиган айланма маблағларни тўлдириш ҳамда асбоб-ускуналар учун кредит ажратиш чораларини кўриш, шунингдек, кредит тўловлари муддатини узайтириб бериш, экспортёр корхоналарнинг амалга оширган экспорт ҳажмларига мос тўланган ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) ҳажмларини аниқ муддатларда қайтарилишини таъминлаш чораларини кўриш, экспортёр корхоналарнинг экспорт фаолиятини бошлаши ва узлуксиз давом эттириши учун инфраструктура тармоқларига уланишини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тошириқлар берилди», дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент давлат юридик университети молиявий фаолияти тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат бюджетининг 6 ойлик дефицити миқдори маълум қилинган эди.