Тошкентда велосипед учун йиғган пулига коронавирусга чалинган онасини даволатган болага велосипед совға қилинди

Тошкент шаҳрида велосипед сотиб олиш учун йиғган пулини коронавирусга чалинган онасини даволатишга берган болага 10 ноябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан велосипед совға қилинди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, ЎзА тайёрлаган видеолавҳада боланинг коронавирусдан даволаниб чиққан онаси Шоҳиста Абдумавлонова касаллик даври ҳақида гапириб берган. Видеолавҳада аёл фарзанди, эри ва онаси коронавирусга чалингани, вирус сабаб онаси вафот этгани ва бу вақт мобайнида молиявий муаммоларга дуч келганини таъкидлаган.

Видеолавҳа сўнгида аёл ўғлининг спортга қизиқишини маълум қилган. Болакай велосипедда учишни орзу қилишини ва уни харид қилиш учун тўплаётган пулини коронавирус инфекциясига қарши курашишда оиласи учун сарфлаганини айтган.

Ушбу видеолавҳадан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги болакайнинг орзусини амалга оширган. Вазирлик томонидан 10 ноябрь, сешанба куни  болага велосипед совға қилинган.

Бундан аввал Фарғона вилояти ҳокимлиги 1000 гектар қўриқ ерда деҳқончиликни йўлга қўядиган депутатга «Gentra» топширилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга Тошкент шаҳридан уч хонали уй совға қилгани маълум қилинган.