Фарғона вилояти ҳокимлиги 1000 гектар қўриқ ерда деҳқончиликни йўлга қўядиган депутатга «Gentra» совға қилди

Фарғона вилояти ҳокимлиги 1000 гектар фойдаланилмаётган ерда деҳқончиликни йўлга қўядиган депутатга «Gentra» совға қилди. Бу ҳақда Фарғона туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мўмин Йўлдошев Қува тумани ҳудудидаги 1000 гектар қир-адирларни ўзлаштириб, кластер усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни режалаштирган.

«Биз, аввало, бу адирларда тик қудуқлар қазиб, сув чиқарамиз. Сўнгра ер ўзлаштириб, унга 550 гектарда пахта, 200 гектарда интенсив боғ, 200 гектарда полиз экинлари экамиз. 50 гектар майдонда эса замонавий иссиқхона қурамиз. Барча турдаги фаолиятимиз томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясига асосланган бўлади», — деди депутат.

Қайд этилишича, вилоят ҳокимлиги Мўмин Йўлдошевни мазкур ишни бошлагани учун «Gentra» автомашинаси билан тақдирлаган.

«Президент тадбиркорлар учун энг қулай имкониятларни яратиб берди. Биз, тадбиркорларга бу каби эътироф ва эъзоз учун Президент ва вилоят раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Мукофот кучимизга куч қўшди. Лафз муқаддас. Ваъда бердик, уни, албатта, бажарамиз. Қуваликлар билан ака-ука бўлиб меҳнат қилиб, 1000 гектарни бўстонга айлантирамиз», — деди Йўлдошев.

Машинани вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Қува адирларида 14 сентябрь куни иш бошланаётган қўриқ ерлар устида топширган.

Маълумот учун, вилоятда 30 минг гектар фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш режалаштирилган.

Аввалроқ Оқдарёда котибият мудирига хизмат автомашинаси берилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Андижонда тез тиббий ёрдам хизматига 8 та янги «Damas» автомобили топширилгани маълум қилинди.