АҚШ коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат берди
АҚШнинг Озиқ-овқат ва фармацевтика маъмурияти (FDA) COVID-19’га қарши «Pfizer» вакцинасини қўллашга рухсат берди. Ушбу вакцина билан 16 ёш ва ундан катта фуқоролар эмланади. Бу ҳақда FDA расмий сайтида маълум қилинди.
Маълум бўлишича, «Pfizer» компанияси АҚШ ҳукумати билан 2020 йилнинг март ойига қадар 100 миллион доза вакцина етказиб беришга келишган. Ушбу келишувга кўра, вакциналар бепул тарқатилиши режалаштирилган. Таъкидланишича, йил охирига қадар 20 миллион аҳоли эмланиши кутилмоқда. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва қариялар уйларида яшовчилар ва ишловчилар эмланиши маълум қилинган.
FDA комиссари Стефан Ханнинг таъкидлашича, эмлаш жараёни мутахассис ва олимлар томонидан қайта кўриб чиқилганидан сўнг амалга оширилади. Маълум қилинишича, «Pfizer» вакцинаси икки дозадан иборат бўлиб, уч ҳафта оралиғида қўлланилади. Шу вақтга қадар 18 801 кишида қўлланган бўлиб ва 18 785 нафарида иккинчи дозадан сўнг бош оғриғи, инъекция жойида оғриқ, чарчоқ, титроқ ҳамда мушак ва бўғимларда оғриқ кузатилган.
Ушбу тиббий аломатлар иккинчи доза қўлланганларда кўпроқ учраган. «Pfizer» вакцинасини COVID-19’га қарши қўллаш Европа Иттифоқининг қонуний мезонларига тўғри келиши аниқланган. Вакцинани нафақат вирус аниқланганларда, балки соғлом фуқароларда ҳам қўллаш мумкинлиги айтилган. Вакцинада SARS-CоV-2 вируси mRNK’сининг кичик қисми мавжуд бўлиб, у организмдаги ҳужайраларга вирусга қарши ўзига хос «бошоқли» оқсилни тайёрлашга ва вирусга қарши иммунитетни ҳосил қилишга ёрдам беради.
Мавзуга доир: АҚШ «Pfizer» томонидан яратилган COVID-19ʼга қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоиз эканини тасдиқлади
Мазкур вакцинанинг учинчи, охирги синовларида унинг самарадорлиги 95 фоиз эканлиги айтилганди. Қолаверса АҚШ тез орада «Мoderna» вакцинасини қўллашга ҳам рухсат бериши мумкин. Чунки ҳукумат 100 миллион дозада ушбу вакцинага буюртма берганди.
Маълумот учун, АҚШ Буюк Британия ва Канададан кейин ушбу вакцинадан фойдаланишга рухсат берган учинчи давлат ҳисобланади.
Аввлроқ «Pfizer» вакцинаси синовларида қатнашган 6 киши вафот этгани ва Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Спутник V» вакцинасининг нархини эълон қилгани хабар қилинганди.