Ўзбекистонда прокурорларнинг айрим ҳуқуқлари бекор қилинди

Президент томонидан «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилган. Шунингдек, инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуққли эканлиги белгиланган.

Хабарга кўра, ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинган. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.

«Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилган. Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди. Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин», дейилади хабарда.