Ўзбекистонда 2021 йилда вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилади

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномаси давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда ҳам изчил давом эттирилишини, хусусан, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумки, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган. 2021 йилдан бошлаб, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

«Адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.  2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган ‘бир суд – бир инстанция’ тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим. Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. Бундан ташқари, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.