«Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномаси давомида 2021 йил учун муҳим йўналиш сифатида белгиланган йўналишлардан бири —  тиббиёт соҳасида қатор устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, 2021 йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифалардан бири бўлади. Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади.Шунингдек, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади. Бундан тшафқари, пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Хусусан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизмаларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади.

«Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мурожаат давомида Президент тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилинишини маълум қилди.

«Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади. Шу билан бирга, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади. Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади», — дея нутқ сўзлади Президент.

Қайд этилишича, «қишлоқ шифокори» дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади. Олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларига хусусий шифохоналар ҳам жалб қилиниб, уларга субсидия ажратилади.

Янгиликлар