Ўзбекистонда давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида Ўзбекистонда давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.

Сўнгги тўрт йилда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Эндиги вазифа — чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат. Шуларни инобатга олиб, кейинги йилда қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ишларни амалга оширилади.

Биринчидан, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этилади. Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак — камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.

Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

«Нима учун биз “темир дафтар”ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш.

Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган ‘Ижтимоий реестр’да ‘темир дафтар’даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.

Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда.

Келгуси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади.

Ҳукумат икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқсин.

‘Темир дафтар’га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича ‘мотивация, кўникма ва молиявий кўмак» тамойили асосида янги механизм жорий этилади», — дейди Президент.

Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади.

Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим.

Умуман, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши керак.

Иккинчидан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак.

Ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолмоқда. Шунинг учун жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда.

Жумладан, келгуси йилда Навоий кон-металлургия комбинати, Ўзбекнефтгаз, Ўзбекгидроэнерго, Ўзавтосаноат халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Янгиликлар