Ўзбекистонда 2021 йилдан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади

Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномаси давомида Ўзбекистонда 2021 йилдан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириб, ташкил этишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, биринчидан, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади. Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида, қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд. Сабаби, вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш, ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас.

«Улар нима учун масъулиятни ўзига олмайди? Ё билими йўқ, ё қатъияти етмайди, ёки коррупцияга берилган. Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда.

Яна бир жиддий камчилик шуки, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини оптималлаштириш чоралари кўрилмаяпти.

Шунинг учун, Ҳукумат икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрласин. Бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутиш зарур.

Келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, уларни 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарур», — дейди Президент.

Иккинчидан, бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилади. Келаси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади.

Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллада амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади. Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ўзларининг қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб бориш учун масъул бўлади.

Шу ўринда, яна бир масала — туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 150 минг, Ургут туманида 500 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ёки Шайхонтоҳур тумани аҳолиси қарийб 350 минг, Бектемирда эса 46 минг нафар.

Лекин ушбу туманларда бошқарув ходимлари сони ва уларнинг иш ҳақи бир-биридан катта фарқ қилмайди. Шунинг учун, Ҳукумат икки ой муддатда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улардаги ходимлар сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор лойиҳасини киритади.

Учинчидан, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асосларини янада такомиллаштириш лозим. Маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган Қонун асосида ишламоқда. Бу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгиланади.

Шунинг учун, барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижа қилиши шарт ва зарур. Бундан буён, маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади.

Шунингдек, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Янгиликлар